ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, аввал Фарғона вилояти даромадининг 70 фоизи нефть-кимё ва қурилиш материаллари соҳасидаги 6-7 та йирик корхона ҳисобига шаклланган.
Сўнгги йилларда иқтисодиёт таркибини кенгайтириш учун вилоятга 8,2 миллиард доллар инвестиция киритилган. Бу маблағлар ҳисобига 8 мингта замонавий қувват ишга туширилган.
Шунингдек:
— тадбиркорлик учун 100 триллион сўм ресурс ажратилган;
— тижорат майдонлари 10 миллион квадрат метрга кўпайган;
— 13,5 мингта кичик ва ўрта корхона ташкил этилган;
— кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони қарийб 2 баробар ошган.
— тижорат майдонлари 10 миллион квадрат метрга кўпайган;
— 13,5 мингта кичик ва ўрта корхона ташкил этилган;
— кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони қарийб 2 баробар ошган.
Натижада вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробарга, саноат 1,5 баробарга, хизматлар соҳаси 3 баробарга ўсган.
Ижтимоий кўрсаткичларда ҳам ўзгаришлар қайд этилган. Сўнгги тўрт йилда Фарғонада ишсизлик даражаси 9,2 фоиздан 4,6 фоизга, камбағаллик даражаси эса 11,6 фоиздан 5,2 фоизга тушган.
Маҳаллий бюджет даромадлари бўйича ҳокимларга берилган имкониятлар натижасида бу йилнинг биринчи чорагида ҳар бир туманда камида 5-10 миллиард сўм қўшимча маблағ қолган.
Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Марғилонда Ипакчи ва Қиргули маҳаллаларида 241 та эски ҳовли ўрнида 2,5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилган. Наврўз маҳалласида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивига бу йил яна 6,5 минг оила кўчиб кириши режалаштирилган.
Бундай қурилиш ишлари Ёзёвон, Қува туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида ҳам давом этмоқда.
Сўнгги ўн йилда Фарғона вилоятида 74 минг ўринли мактаб, 145 минг ўринли боғча ва 3 минг койкали шифохоналар ишга туширилган. Шу даврда 167 та хусусий мактаб ташкил этилган ва уларда 40 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда.
Таълим сифати ошгани натижасида ёшларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи бўйича Фарғона вилояти республикада 3-ўринга кўтарилган.
Тиббиёт соҳасида ҳам хусусий сектор улуши ошган. Масалан, Бешариқ туманида ўн йил олдин 2 та хусусий клиника бўлган бўлса, ҳозир уларнинг сони 50 тага етган.
Қишлоқ хўжалигида 15 минг гектар саноатлашган боғ ва токзор яратилган, яна 6 минг гектар майдон янгиланган. Айрим боғбонлар бир гектардан 500 миллион сўмгача даромад олмоқда.
Мева-сабзавот экспорти 3 баробар кўпайиб, 400 миллион долларга етган. Матбуот хизматига кўра, бу республикадаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Туризм соҳасида ҳам ўсиш қайд этилган. Фарғона, Сўх, Қува туманлари, Марғилон ва Қўқон шаҳрида туристик инфратузилма ривожланмоқда. Тўққиз йилда 3 минг ўринли меҳмонхона ва меҳмон уйлари ишга туширилган.
Ўтган йили вилоятга келган хорижий туристлар сони илк бор 500 мингдан, маҳаллий сайёҳлар сони эса 3 миллиондан ошган. Туризм экспорти 185 миллион долларга етган.
Йиғилишда жорий йил Фарғона вилояти раҳбарияти олдига қуйидаги вазифалар қўйилгани билдирилди:
иқтисодиётни 9,1 фоизга ўстириш;
саноатни 9 фоизга ошириш;
4,5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш;
экспортни 2 баробар кўпайтириб, 2 миллиард долларга етказиш.