ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Мисрда ўқ отиш бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубогида медаллар қўлга киритган ўзбекистонлик спортчилар Тошкентда тантанали кутиб олинди.
Мусобақа 19–27 апрель кунлари Миср пойтахти Қоҳирада бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
10 метр масофага тўппончадан отиш баҳсларида Содиқжон Абдуллаев кумуш медалга сазовор бўлди. 10 метрга пневматик милтиқдан отишда Жовоҳир Соҳибов олтин медални қўлга киритди.
Шунингдек, 50 метр масофага пневматик милтиқдан 3 хил ҳолатда отиш баҳсларида Никита Соколов бронза медали билан тақдирланди.
Мусобақада Ўзбекистон делегацияси 10 нафар спортчи ва 2 нафар мураббий билан иштирок этди. Спортчилар Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Ўқ отиш федерацияси вакиллари томонидан кутиб олинди.