ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Самарқандда паратриатлон бўйича Жаҳон кубоги якунланди. Ўзбекистон вакиллари мусобақада 2 та бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
Спринт дастурида спортчилар 750 метрга сузиш, 19 километрга велосипед ҳайдаш ва 5 километрга югуриш бўйича беллашди. Мусобақада 15 та давлатдан 77 нафар спортчи, жумладан, Россия терма жамоаси вакиллари иштирок этди.
Беллашувлар жисмоний имконияти чекланган спортчилар, ногиронлар аравачасида ҳаракатланувчи ҳамда кўриш имконияти чекланган атлетлар ўртасида 12 та тоифада ўтказилди.
Россия терма жамоаси Самарқанддаги Жаҳон кубогида 11 та медаль қўлга киритди. Россиялик паратлетлар ҳисобида 5 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медали бор.
Ғолибларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон ва Россия триатлон федерациялари раислари Виктор Маҳмудов ҳамда Ксения Шойгу иштирок этди.