1966 йилги Тошкент зилзиласи ҳақидаги миш-мишлар ва ҳақиқат: олимлар нима дейди?

1966 йилги Тошкент зилзиласи ҳақида ҳукумат уни атайлаб уюштиргани ёки ер остида ядровий портлаш бўлгани ҳақида миш-мишлар ҳам тарқалган. Мутахассислар эса бу тахминларни рад этмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. 1966 йил 26 апрель куни соат 5:23 да содир бўлган Тошкент зилзиласи 10–12 сония давом этган, аммо пойтахт қиёфасини кескин ўзгартирган. Бу ҳақда “Халқ сўзи” нашрида Ўзбекистон ФА Сейсмология институти профессори Собитжон Мақсудов изоҳлари келтирилган мақола эълон қилинди.
Маълумотларга кўра, зилзила натижасида 236 та маъмурий бино, 700 тага яқин савдо объекти, 181 та таълим муассасаси ва 245 та саноат биноси ишдан чиққан. 300 минг киши бошпанасиз қолган.
Профессор Собитжон Мақсудовга кўра, 1966 йилги зилзиланинг табиийлиги шубҳа туғдирмайди. Унинг айтишича, силкиниш СМР-II сейсмографи ва СБМ сейсмометри томонидан қайд этилган.

“1966-йилги зилзиланинг табиийлиги ҳеч қандай шубҳа туғдирмайди”, — дейди профессор.

Мутахассис зилзиланинг Рихтер шкаласи бўйича магнитудаси 5,3 бўлганини, аммо ер юзасидаги силкиниш 8–8,5 баллга етганини тушунтирган. Бунга ўчоқнинг ер юзасига яқин — тахминан 8 км чуқурликда жойлашгани сабаб бўлган.
Қурбонлар сони кам бўлгани эса силкинишнинг асосан тик йўналишда бўлгани билан изоҳланади. Агар горизонтал тебранишлар кучлироқ бўлганида, оқибатлар анча оғир бўлиши мумкин эди.
Мақолада зилзилага гўёки ер остидаги ядровий портлаш сабаб бўлгани ҳақидаги тахминлар ҳам рад этилган. Профессор Мақсудовга кўра, 1966 йил 26 апрелдан 1969 йил 31 декабргача асбоблар 1 102 та силкинишни қайд этган. Улар орасида 10 ва 24 май ҳамда 5 июндаги кучли 7 балли афтершоклар ҳам бўлган.

“Уларни ҳам ядро портлашлари келтириб чиқарганми?” — дея олим бу назариянинг асоссизлигини таъкидлаган.

Зилзиладан кейин Тошкентда оммавий қайта қуриш ишлари бошланган. Чилонзор ва Сергелида янги турар жой массивлари шаклланган, эски авария ҳолатидаги уйлар бузилиб, шаҳарнинг янги сейсмик талаблар асосидаги қиёфаси юзага келган.
1966 йилги Тошкент зилзиласи: фожиа қандай қилиб илм-фан учун сабоқ бўлган?