Эстония президенти Россия билан алоқани тиклашга чақирди: Европада яна кимлар шу фикрда

Эстония президенти Россия билан мулоқотга тайёргарлик кўриш зарурлигини айтди. Аввалроқ Европанинг қатор давлат раҳбарлари ҳам Москва билан алоқани қайта тиклаш тарафдори эканини билдирган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Россияга нисбатан қаттиқ позицияси билан танилган Эстония раҳбари ҳам Москва билан мулоқотни тиклаш зарурлигини кун тартибига олиб чиқди. Эстония президенти Алар Карис Европани Украинадаги можаро тугаши мумкин бўлган ҳолатга ва Россия билан кейинги мулоқотга олдиндан тайёргарлик кўришга чақирди.
Эстония президенти, шунингдек, Европа Иттифоқининг Россия билан музокаралар бўйича махсус вакилини тайинлаш ғоясини ҳам қўллаб-қувватлаган.
Россия билан мулоқотни қайта йўлга қўйиш ҳақида сўнгги ойларда бошқа Европа раҳбарлари ҳам гапирди. Италия бош вазири Жоржа Мелони Европа Иттифоқи Украина бўйича музокараларда таъсирини сақлаб қолиши учун Россия билан юқори даражадаги мулоқотни тиклаши ва махсус вакил тайинлаши кераклигини айтган.
Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Владимир Путин билан алоқаларни қайта тиклаш бўйича техник тайёргарлик кетаётганини маълум қилган.
Бельгия бош вазири Барт де Вевер эса Европа Россия билан келишув йўлини излаши ва урушдан кейин муносабатларни нормаллаштириш ҳақида ўйлаши кераклигини билдирган. У буни, жумладан, арзон энергия ва Европа иқтисодиёти рақобатбардошлиги билан боғлаган.
Венгриянинг амалдаги бош вазири Виктор Орбан 2025 йилда Европа Иттифоқини Россия билан тўғридан-тўғри музокараларга чақирган эди.
Кейинроқ Венгриянинг янги сайланган бош вазири Петер Мадьяр можаро тугаб, музокаралар натижа берса, Европа Россияга қарши санкцияларни бекор қилишига умид билдирган. Унинг фикрича, Европа хомашёни юқори нархда сотиб олиш орқали ўз рақобатбардошлигига зарар етказмоқда.
Словакия бош вазири Роберт Фицо эса бу масалада янада очиқроқ позиция билдирган. У Европа Иттифоқини Россия билан мулоқотни зудлик билан тиклашга, Россия энергия ресурсларига қўйилган чекловлардан воз кечишга ва Владимир Путин билан тўғридан-тўғри гаплашишга чақирган.
Латвия бош вазири Эвика Силиня ҳам Россия билан алоқа каналларини тиклаш ғоясини қўллаб-қувватлаган, аммо буни Украина билан мувофиқлаштириш зарурлигини айтган.
Болгарияда эса собиқ президент Румен Радев Россия билан муаммоларни прагматик мулоқот орқали ҳал қилиш тарафдори сифатида тилга олинмоқда.
Европадан ташқари, АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам Россия ва Украина раҳбарлари билан мулоқот олиб бораётганини айтди.
Шу билан бирга, бу чақириқларнинг барчаси бир хил маъно англатмайди. Аммо Европада Россия билан ёпилиб қолган алоқа каналларини қайта тиклаш зарурати тобора кўпроқ муҳокама қилинаётгани кўзга ташланмоқда.
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
ОАВ: Белгия Россия билан келишувга чақирмоқда, Европа Украинани яна 2 йил жангга ундамоқда