ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) минтақада янги транспорт архитектурасини шакллантиришда таянч тузилма бўлиши мумкин. Бу ҳақда ЕИК энергетика ва инфратузилма вазири Арзибек Кожошев Бишкекда бўлиб ўтган халқаро транспорт форумидаги чиқишида таъкидлади.
Кожошев Бишкекда бўлиб ўтган “Қирғизистон — минтақавий хаб: қитъаларни боғлаш” халқаро транспорт форумида иштирок этди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги шароитда транспорт боғлиқлиги иқтисодиётлар рақобатбардошлигининг муҳим омилига айланмоқда.
ЕИК вазирига кўра, геосиёсий беқарорликка қарамай, Евроосиёнинг қуруқликдаги транспорт йўлаклари глобал логистиканинг ишончли бўғини бўлиб қолмоқда.
“Бугун анъанавий логистика занжирлари янги муаммоларга дуч келаётган бир пайтда, Евроосиёнинг қуруқликдаги йўлаклари ўзининг ишончлилиги ва рақобатбардошлигини тасдиқламоқда. Бизнинг вазифамиз бу салоҳиятни сақлаб қолишгина эмас, балки уни минтақадаги интеграция бирлашмалари саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш орқали оширишдир”, — деди Кожошев.
У бутун минтақа миқёсида узлуксиз транспорт тизимини яратиш учун ЕОИИ, ШҲТ ва МДҲ доирасидаги ишларни мувофиқлаштиришни таклиф қилди.
ЕОИИ
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Молдова, Куба, Эрон ҳам кузатувчи мақомига эга.