ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Ўзбекистон мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов президент Шавкат Мирзиёевга Туркия билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ҳақида ахборот берди.
Учрашувда Туркия Республикаси Қуролли Кучларининг юқори мартабали вакили ҳам иштирок этди.
Икки давлат орасида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки мамлакат мудофаа идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ҳарбий-техник ҳамкорлик изчил ривожланиб, жумладан, идоралараро алоқалар кенгайиб бораётгани, қўшма тадбирлар ташкил этилиб, ҳарбий мутахассислар тайёрланаётгани алоҳида таъкидланди.
Ҳарбий соҳадаги шерикликни янада чуқурлаштириш борасидаги интилиш қатъий экани таъкидланди.