ТОШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. Uzcard автоматик (акцептсиз) ечиб олиш хизмати қоидаларини ўзгартирди. Тизим хабарига кўра, 2026 йил 15 апрелдан бундай ечиб олишларда картада камида 3 БҲМ миқдорида маблағ сақланиб қолади. Ҳозирги БҲМ 412 минг сўм бўлгани учун бу 1 миллион 236 минг сўм дегани.
Яъни энди кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки бошқа молиявий мажбуриятлар учун картадан пул ечилганда, ҳисобдаги барча маблағ тўлиқ олиб қўйилмайди. Ечиб олиш фақат 1 млн 236 минг сўмдан ортиқ қисми доирасида амалга оширилади.
Масалан, картада 2 млн сўм бўлса, энг кўпи билан 764 минг сўм ечилиши мумкин; агар картада 1 млн 236 минг сўм ёки ундан кам пул бўлса, бундай ечиб олиш амалга ошмайди. Бу хулоса UZCARD жорий этган “3 БҲМ камайтирилмайдиган қолдиқ” қоидасидан келиб чиқади.
Uzcard изоҳича, автоматик (акцептсиз) ечиб олиш механизми одатда карта эгасининг банклар ва бошқа молиявий ташкилотлар олдидаги мажбуриятларини, жумладан кредитлар, бўлиб-бўлиб тўлаш ва шунга ўхшаш тўловларни сўндириш учун қўлланилади. Янги тартиб ушбу хизматни фойдаланувчилар учун “янада шаффоф ва тушунарли” қилиш мақсадида киритилгани айтилган.
Шу билан бирга, UZCARD эълонида бир истисно ҳам келтирилган: мазкур шартлар банк мижоздан олган, яъни унинг ўзи розилик билдириб, OTP орқали тасдиқлаган карта реквизитларига нисбатан қўлланилмайди. Компания маълум қилишича, банк-иштирокчилар билан бирга зарур техник янгиланишлар аллақачон жорий қилинган.