ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Самарқанд вилоят ҳокими Адиз Бобоев ва Россиянинг Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко бошчилигидаги делегация билан учрашувда ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Мазкур меморандум маданий, таълим ва ёшлар алмашинувини ривожлантиришга қаратилган.
Томонлар, жумладан, маданий мерос соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Александр Дрозденконинг таъкидлашича, Ленинград вилоятида бу йўналиш учун мустаҳкам база мавжуд бўлиб, Рождество шаҳрида Халқаро реставрация маркази фаолият юритади.
“Самарқанд мураккаб ва нозик реставрация талаб қиладиган буюмларни йўналтириши мумкин, мутахассисларимиз эса ўз компетенциялари, технологиялари ва касбий тажрибаларини беришга тайёр”, — деди у.
Учрашувда талабалар ва ёшлар билан алмашинув масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Дрозденконинг сўзларига кўра, томонлар университетлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш, гуманитар ва аниқ фанлар бўйича алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, рус тили ва адабиёти ўқитувчиларини Ленинград вилоятида ўқитиш ва малакасини ошириш имкониятларини кенгайтириш ниятида.
“Университетлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантирамиз, гуманитар ва аниқ йўналишларда алмашинувларни йўлга қўямиз, Ленинград вилоятида рус тили ва адабиёти ўқитувчиларини ўқитиш ва малакасини ошириш учун қабул қиламиз”, — деди губернатор.
Томонлар яқин вақт ичида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ келишувлар ва йўл харитасини тайёрлаш учун ишчи гуруҳ ташкил этилишига ишонч билдирди.