ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Ленинград вилояти уч йил ичида Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 50 фоизга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вилоят губернатори Александр Дрозденко Sputnik Ўзбекистон мультимедиа матбуот марказида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми сезиларли ўсган.
“Масалан, биз 2022 йилда товар айирбошлаш ҳажми 13 миллион доллардан сал кўпроқни ташкил этганини кўрган эдик. Бугун эса 100 миллион долларга яқинлашдик. Биз ҳар йили 15 фоизлик ўсишни кўряпмиз ва кеча президент билан учрашганимда қатъий айтдим: 3 йил ичида 50 фоизга, яна 3 йилдан кейин эса икки баравар, балки ундан ҳам кўпроқ ўсишга эришамиз. Чунки Ўзбекистон бозори жуда фаол ривожланаётганини кўряпмиз”, — деди у.
Губернатор, шунингдек, Тошкентдаги “Иннопром” кўргазмасида Ленинград вилоятининг 14 компанияси иштирок этаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, улар инновацион ускуналарни, жумладан, хоналарда белгиланган ҳароратни ушлаб туриш учун совутиш қурилмаларини бошқариш тизимини тақдим этган.
Бу каби ечимлар, биринчи навбатда, маълумотлар марказлари, катта ҳажмдаги маълумотлар сақланадиган объектлар, сунъий интеллект инфратузилмаси, телекоммуникация станциялари ва телевизион ускуналар учун зарур.
Дрозденко Тошкент, Сирдарё ва Наманган вилоятлари билан ҳамкорликка, шунингдек, “Иннопром” доирасида янги шартномалар имзоланишига алоҳида тўхталди.
Александр Дрозденконинг фикрича, иқтисодий юксалиш даврида давлатлар бир-бирини қўллаб-қувватласа, бундан ҳар икки томон ютади.
“Биз бугун Ўзбекистон иқтисодиёти қанчалик тез ўсаётганини кўряпмиз. Ҳозир сизда иқтисодиётда, жумладан, қурилиш соҳасида ва истеъмол бозорида катта юксалиш юз бермоқда. Шунинг учун биз, албатта, ўз ривожланишимизни сизнинг юксалишингиз билан боғлаймиз”, — деди у.
Батафсил — Sputnik Ўзбекистон видеосида.