ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Москвадаги Қизил майдоннинг асосий безакларидан бирига айланган Димков ўйинчоғи энди Тошкентда ҳам тақдим этилмоқда. Бу ҳақда Киров вилояти губернатори Александр Соколов Sputnik Ўзбекистон матбуот марказида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Димков ўйинчоғи Киров вилоятининг энг машҳур ҳунармандчилик рамзларидан бири бўлиб, ҳар бир ҳайкалча тўлиқ қўлда ясалади ва безатилади. Шу боис дунёда икки бир хил ўйинчоқ учрамайди.
Соколов анъанавий технологияга ҳам эътибор қаратди. Унинг айтишича, ҳунармандлар махсус гил (лой)дан фойдаланади, унинг қазиб олинадиган жойлари эса сир сақланади.
Димков ўйинчоғининг энг танилган тимсолларидан бири бўлган “бариня” меҳмондўстлик ва очиқкўнгилликни ифода этади, бу эса ўзбек маданиятига ҳам яқин эканини губернатор алоҳида таъкидлади.
Унинг қайд этишича, Димков услубидаги безаклар 2025 йил декабрида Москвадаги ГУМ ва Қизил майдон муз майдонини безаган. Энди эса ушбу машҳур ўйинчоқ Тошкентдаги маҳорат дарсларида намойиш этилмоқда.
Губернатор ижодий ҳамкорлик ғоясини ҳам илгари сурди. У Вятка ранглари ва ўзбек миллий нақшларини бирлаштириб, масалан, анъанавий шарқона идишларни Димков услубида безаш мумкинлигини айтди.