ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. АҚШ президенти Доналmд Трамп Эрон билан можарода ўт очишни тўхтатиш бўйича амалдаги келишув Вашингтон вақти билан чоршанба кечқурун тугашини айтди. Унинг сўзларига кўра, агар келишувга эришилмаса, жанговар ҳаракатлар қайта бошланиши мумкин.
Трамп, шунингдек, вице-президент Жей Ди Вэнс иштирокидаги АҚШ делегацияси Эрон билан музокаралар учун Исломободга йўл олганини билдирди.
Бироқ Reuters хабарига кўра, шарқий вақт билан соат 12:00 ҳолатига келиб, Вэнс ҳали ҳам Вашингтонда бўлган. Шу билан бирга, Трамп Эрон делегацияси музокараларга келадими-йўқми, бу унга фарқи йўқлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, у душанба куни Эрон музокаралардан бош тортса, мисли кўрилмаган муаммоларга дуч келиши билан таҳдид қилди.
Америка раҳбари вақтинчалик келишув узайтирилиши эҳтимоли пастлигини айтди ва агар у узайтирилмаса, Эронга қарши кучли зарбалар берилиши мумкинлигини билдирди. У аввалроқ Теҳрон келишувни қабул қилмаса, Эроннинг электр станциялари ва кўприкларига ҳужумлар бўлиши мумкинлигини ҳам айтган эди.
Шу билан бирга, Трамп демократлар уни Эрон билан тезроқ келишув тузишга ундаётганини, аммо у бундай босимга йўл қўймаслигини билдирди.
Эрон эса бу таҳдидларга нисбатан анча вазмин муносабат билдирди. Президент Масъуд Пезешкиён АҚШнинг сўнгги ҳаракатлари ва баёнотларини конструктив эмас деб атаб, Теҳрон босим остида таслим бўлмаслигини таъкидлади.
Ташқи ишлар вазири Аббос Аракчининг сўзларига кўра, Вашингтоннинг сулҳни бузиши, Эрон кемаларига ҳужумлар, таҳдидли баёнотлар ва қарама-қарши позицияси музокараларни давом эттириш учун асосий тўсиқ бўлмоқда.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Багир Ғолибоф эса Эрон таҳдидлар остида АҚШ билан музокара олиб бормаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида Теҳрон “жанг майдонида янги карталарни ўйнаш”га тайёргарлик кўрмоқда.