ИННОПРОМда Россия ҳудудлари Ўзбекистондаги лойиҳа ва режаларини тақдим қилди

"ИННОПРОМ"да Россия ҳудудлари Ўзбекистон билан саноат парклари, ишлаб чиқариш, савдо ва янги ҳудудлараро келишувлар бўйича режаларини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” доирасида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги саноат кооперацияси, ҳудудлараро ҳамкорлик ва янги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
Россия саноат ва савдо вазири ўринбосари Роман Чекушов Ўзбекистонни Россиянинг стратегик шериги деб атаб, Жиззах ва Чирчиқда Россия корхоналари иштирокида саноат парклари ривожланиб бораётганини, Навоийда эса янги ишлаб чиқаришга старт берилганини маълум қилди.
Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Алишер Дусчанов Россия компанияларининг минтақага қизиқиши барқарор эканини таъкидлади. У “Сибур Холдинг” ва “Фортекс” компаниялари билан амалга оширилаётган лойиҳаларни санаб ўтди.
Ленинград вилояти вакили Егор Мишеряков Тошкент вилояти билан ҳамкорлик шартномаси тузилгани, Самарқанд ва Қашқадарё билан ҳам янги келишувлар тайёрланаётганини айтди. Унинг маълум қилишича, ўтган йили ўзаро савдо 88–89 млн долларни ташкил этган, бу йил эса уни 150 млн долларга етказиш режалаштирилган.
Свердловск вилояти томони Ўзбекистонни 800 млн долларлик бозор сифатида баҳолаб, металлургия, электротехника, нефть-газ ва тоғ-кон ускуналари соҳаларида ҳамкорлик ривожланаётганини қайд этди.
Киров вилояти эса Қашқадарё вилояти билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаб, саноат кооперацияси, логистика, озиқ-овқат таъминоти ва кадрлар тайёрлаш каби йўналишларда алоқаларни кенгайтиришга келишиб олди.
Эслатиб ўтамиз, Sputnik Ўзбекистон “Иннопром” кўргазмасининг расмий ахборот ҳамкори ҳисобланади.
Мантуров Навоийда Россия иштирокида янги қўшма саноат парки ишга тушганини айтди