Ўзбекистондан рақамли код билан белгиланган товарлар айланмаси 16 млрд долларга етди

Олимжон Файзибоев 2025 йилда маркировкаланган, яъни рақамли код билан белгиланган маҳсулотлар айланмаси 16 миллиард долларга етиб, ишлаб чиқариш ва импорт 64 фоизга ошганини айтди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Олимжон Файзибоев “Иннопром” доирасидаги сессияда товарларни рақамли маркировкалаш сезиларли иқтисодий самара бераётганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда маркировкаланган маҳсулотлар айланмаси 16 миллиард долларни ташкил этган, бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир. Ишлаб чиқариш ва импорт ҳажми эса 5,5 миллиард донага етган, ўсиш 64 фоизни ташкил қилган.
Заместитель председателя Налогового комитета Узбекистана Алимжан Файзибаев
Файзибоев таъкидлашича, солиқ интизоми ҳам яхшиланган: касса чеклари сони 40 фоизга, уларнинг умумий суммаси эса 21 фоизга ошган.
“Маркировка нафақат назорат воситасига, балки бозорни қонунийлаштириш ва бизнес шаффофлигини ошириш омилига ҳам айланмоқда”, — деди у.
Шунингдек, Файзибоев 1 июлдан кучга кирадиган янги рақамли назорат қоидалари ҳақида ҳам гапирди. Улар электрон ҳисобварақ-фактуралардаги кодларни реал вақт режимида текшириш, кассалардаги қоидабузарликларни блоклаш, муддати ўтган товарлар сотувини тақиқлаш ва барча кассаларда кодларни тўлиқ текширишни назарда тутади.
Унинг сўзларига кўра, тизим ҳалол тадбиркорлар учун жарима механизми эмас, балки бизнес учун шаффоф ва тенг шарт-шароит яратишга қаратилган.
“Қоидабузарлик ҳолатларида аввал иккита огоҳлантириш юборилади ва фақат такрорий ҳолатлардагина солиқ текшируви тайинланиши мумкин”, — деди Файзибоев.
Эслатиб ўтамиз, Sputnik Ўзбекистон “Иннопром” кўргазмасининг расмий ахборот ҳамкори ҳисобланади.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
ЕОИИда товарларни маркировкалаш тизимларини бирлаштириш масаласи муҳокама этилди