ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Ўзбекистон раҳбарияти давлат ва жамоат арбоби, меҳнат фахрийси Рим Абдулович Гиниятуллин вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Ганиятуллин 19 апрель куни 83 ёшида вафот этган.
Ҳамдардлик матни Шавкат Мирзиёев, Танзила Норбоева, Нуриддин Исмоилов, Абдулла Арипов ва Содиқ Турдиев номидан эълон қилинган.
Рим Гиниятуллин 1943 йил 18 сентябрда Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилган. У 1963 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтини тамомлаган, меҳнат фаолиятини Ўзбекистон қурилиш вазирлигида бошлаган.
Фаолияти давомида у сув хўжалиги тизимида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган, 1989–1996 йилларда мелиорация ва сув хўжалиги вазири, 1996–1997 йилларда эса Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари бўлган.
Гиниятуллин, шунингдек, Оролни қутқариш халқаро жамғармасида ишлаб, денгизнинг қуриши билан боғлиқ салбий оқибатларни юмшатиш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқишда иштирок этган.
Қайд этилишича, у умрининг сўнгги йилларида ҳам Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларида, кўпмиллатли жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, кексаларни қўллаб-қувватлаш ва ёшларни тарбиялаш ишларида фаол қатнашган.
Рим Гиниятуллиннинг хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонлари, шунингдек “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган.