Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Буданов*: Украинада ҳатто минимал сафарбарлик режасини бажариш ҳам қийин

Кирилл Буданов* интервьюларида Украинада сафарбарлик қийинлашаётганини тан олди. Strana.ua ёзишича, у ва Давид Арахамия узоқ уруш Украинани ҳолдан тойдираётганини ҳам тушунишмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Украина президенти офиси раҳбари Кирилл Буданов* интервьюларида мамлакатда сафарбарлик ва ҳарбий ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётганини тан олди.

"Сафарбарлик ресурси тугади. Кўп йиллар давом этаётган урушга одамларни ёллаш билан боғлиқ муаммолар - бу мутлақо табий жараён," - деди у 19 апрелдаги интервьюсида.

Аввалроқ Strana.ua нашрида эълон қилинган мақолада Буданов* мамлакатнинг ҳарбий технологиялари ва дрон ишлаб чиқариши хорижий бутловчи қисмларга кучли боғлиқлигини айтганлиги ёзилган.
У “Ҳатто 3D-принтер ... бизники эмас” ва “Биз фойдаланувчилармиз, холос”, деган. Шу билан бирга, у йўналтириш тизимлари каби қатор муҳим компетенциялар йўқотилганини, бу эса танк ва ракета дастурларига ҳам таъсир қилаётганини айтган.
Нашрнинг эслатишича, дрон ишлаб чиқарувчиларнинг ўзлари мамлакат расмийлари ноёб технология сифатида тақдим этаётган Украина дронлари аслида "Хитой конструкторлари" эканлигини таъкидлаган.
Бу баёнотлар Украина раҳбарияти ичида урушни давом эттириш имкониятлари ва эҳтимолий муроса шартлари ҳақида баҳслар кучайгани ҳақидаги муҳокамалар фонида янгради.
Reuters ва Bloomberg хабарларига кўра, Буданов апрель ойида тинчлик келишуви сари муайян силжиш борлигини айтган, февраль охирида эса Россия томони АҚШ таклиф қилаётган хавфсизлик кафолатларини қабул қилишга тайёрлигини билдирганини маълум қилган.
Strana.ua ҳам Кирилл Буданов* ва Украинадаги ҳукмрон "Халқ хизматчиси" партияси фракцияси раҳбари Давид Арахамия Киев режими раҳбарининг Донбасс масаласидаги позициясига қўшилмаслиги ҳақида ёзган эди.
"Ғарб оммавий ахборот воситалари ва Украина сиёсий доираларида узоқ вақтдан бери Буданов* ва Арахамия <...>, Зеленскийдан фарқли ўлароқ, АҚШ ваъда қилаётган хавфсизлик кафолатлари ва йирик инвестициялар эвазига америкаликларни тинглаш ва қўшинларни Донбассдан олиб чиқиш керак, деб ҳисоблаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда," - дейилади мақолада.
Нашр маълумотларига кўра, Буданов* ва Арахамия узоқ давом этган уруш "Украинани ҳолдан тойдираётганини ва тинчлик шартлари янада ёмонлашишини" тушунишади.
* Росфинмониторинг томонидан экстремистлар ва террорчилар рўйхатига киритилган.
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
Украинада сафарбарлик ва демографик инқироз: миллионлаб одамлар кетмоқда