ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. “Росатом” иштирокида Ўзбекистонда қурилаётган интеграциялашган АЭС лойиҳаси атом энергетикасига қизиқиш билдирган бошқа давлатлар учун ҳам тажриба майдонига айланиши мумкин.
Бу ҳақда Россия президенти маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа дунёда ўзига хос бўлиб, бир майдонда иккита замонавий катта қувватли блок ва иккита кичик қувватли модулли реакторни бирлаштиради.
“Бу уйғунлик, биринчидан, жадал ривожланаётган Ўзбекистон иқтисодиёти учун зарур энергияни таъминлаб беради, иккинчидан, илғор ва замонавий технологияларни ривожлантириш имконини беради”, - деди Кириенко.
Унинг сўзларига кўра, атом энергетикасига қизиқиш билдираётган мамлакатлар Ўзбекистонга нафақат атом станцияси қурилиши, балки ушбу йўналишда кадрлар тайёрлаш тажрибасини ўрганиш учун ҳам келиши мумкин.
Кириенко Тошкентдаги МИФИ филиали фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб, уни лойиҳа бошланишидан аввал ташкил этиш ҳақидаги қарорни “жуда оқилона” деб атади. Унинг фикрича, бу ерда таҳсил оладиган ёшлар жаҳон даражасидаги мутахассислар бўлиб етишади, чунки улар энг яхши назарий билим ва амалий тажрибани эгаллаш имкониятига эга бўлади.
Маълумот учун: “Росатом” маълумотига кўра, интеграциялашган АЭС лойиҳаси таркибига 3+ авлод ВВЭР-1000 асосидаги иккита катта қувватли блок ва ҳар бири 55 МВтли РИТМ-200Н реакторли иккита блок киради. Январ ойида компания лойиҳанинг навбатдаги босқичи сифатида бетон ишларини 2026 йилнинг биринчи ярмида бошлаш режалаштирилаётганини билдирган эди.