ТИВ “Кабар” мухбири Тўланбой Қурбонов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Тўланбой Қурбонов 2003 йилдан бери “Кабар” агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири сифатида фаолият юритиб келган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғиз Республикасининг “Кабар” миллий ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Тўланбой Қурбонов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
ТИВ баёнотида айтилишича, тажрибали журналист кўп йиллар давомида икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ёритишга муносиб ҳисса қўшган.
Қайд этилишича, Тўланбой Қурбонов 1952 йилда Андижон вилоятида туғилган. У 2003 йилдан буён Ўзбекистон ТИВ ҳузурида доимий аккредитациядан ўтган хорижий журналист сифатида муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнларни холис ва тезкор ёритиб келган.
Шунингдек, у қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги маданий яқинликни мустаҳкамлашга қаратилган таржима ишларида ҳам фаол қатнашган. Жумладан, буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов асарларини таржима қилган.
ТИВ матбуот хизмати марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этди.
Москвада Валентин Фалин хотирасига ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди