1 октябрдан жариманинг 50 фоизини тўлаган тадбиркор қолганидан озод этилади

Ўзбекистонда 1 октябрдан тадбиркорлар молиявий жариманинг 50 фоизини бир ой ичида ихтиёрий равишда тўласа, қолган қисмидан озод этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Ўзбекистонда тадбиркорларга молиявий жариманинг ярмини тўлаб, қолган қисмидан озод бўлиш имконияти берилади. Ушбу норма президент имзолаган молиявий жарималарни қўллаш тартибини янада либераллаштириш ва суд назорати самарадорлигини оширишга қаратилган қарорда кўрсатилган.
Қарорга кўра, 1 октябрдан ваколатли органларнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори тадбиркорнинг танловига кўра қуйидаги шакллардан бирида ихтиёрий ижро этилиши мумкин:
молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 1 ой муддатда жарима миқдорининг 50 фоизини ихтиёрий равишда тўлаш шарти билан жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этиш;
қўлланган молиявий жарима суммасини 6 ой давомида тенг миқдорларда бўлиб-бўлиб тўлаш;
Жарима тўғрисидаги қарор суд томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ундирилган маблағлар, шу жумладан, молиявий жарима ҳамда пеня йўналтирилган манбалар ҳисобидан 15 кун муддатда мутаносиб равишда қайтарилади.
Ушбу муддатда қайтарилмаган суммага нисбатан, кечиккан ҳар бир календарь кун учун Марказий банк асосий ставкасининг 300дан бири, яъни ҳозирги ставка бўйича қарийб 0,047 фоиз миқдорида фоиз тўланади.
Солиқ ва кредит қарзларини ундиришда СИ қўлланади, ижродаги мол-мулкни сотиш осонлашади