ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон мультимедиа матбуот марказида ўтган Тошкент–Москва видеокўпригида Яқин Шарқдаги вазиятнинг транспорт ва логистикага таъсири, янги йўналишлар, рақамлаштириш ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
“Халқаро транспорт йўлаклари дирекцияси” АНТ халқаро лойиҳалар ва рақамлаштириш департаменти раҳбари ўринбосари Наталья Задонская Эрон атрофидаги вазият аллақачон логистикага таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
ТДТУ қошидаги “Инновацион транспорт” илмий-тадқиқот институти директори Даурен Илесалиев эса бунинг оқибатлари амалда сезилаётганини айтди: “харажатлар ортмоқда, етказиб бериш муддатлари узаймоқда, етказиб беришнинг башорат қилиниши пасаймоқда”.
Шу билан бирга, экспертлар фикрича, Ўзбекистон аста-секин оддий транзит ҳудуди мақомидан чиқиб, ўз логистика моделини шакллантириш босқичига ўтмоқда.
“Мамлакат ўз логистика архитектурасини шакллантиришга ўтмоқда”, — деди Илесалиев.
Унинг сўзларига кўра, бу жараён нафақат транзит салоҳиятини ошириш, балки янги халқаро боғланишларни амалда синаб кўриш билан ҳам боғлиқ.
Мутахассислар транзит салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Задонскаянинг айтишича, январ ойида Ўзбекистонда шу йўналиш бўйича идоралараро кенгаш тузилган ва унинг фаолияти Россия томонидан ҳам диққат билан кузатилмоқда.
Шу фон ортидан янги йўналишлар ҳам пайдо бўлмоқда: яқинда Покистоннинг Гвадар портидан Эрон орқали биринчи юк ташуви амалга оширилди. Бу йўналиш аввал Россия томони билан ҳам муҳокама қилинган бўлиб, ҳозир Ўзбекистон уни амалда синаб кўрган илк давлатлардан бири сифатида қайд этилди.
Илесалиев Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида темир йўл йўлакларини, жумладан Транс-Афғон магистрали ва “Шимол–Жануб” йўлагини, шунингдек мультимодал ташувлар, рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлашни тилга олди.
ТДТУ қошидаги “Инновацион транспорт” илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Александр Светашев ҳам Ўзбекистон Россиянинг транспорт соҳасидаги энг муҳим ҳамкорларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бугунги устувор вазифалар — халқаро йўлакларни, аввало “Шимол–Жануб” халқаро транспорт йўлагини, шунингдек инфратузилма ва рақамли ечимларни ривожлантиришдан иборат. Экспертлар мутахассислар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратди: ҳозирнинг ўзидаёқ икки мамлакат ўртасида қўшма таълим дастурлари амалга оширилмоқда.
Транспорт соҳасидаги эксперт Алексей Безбородов эса Россия ва Ўзбекистон логистика соҳасидаги ҳамкорликни сезиларли даражада ошириши мумкинлигини билдирди.
“Россия бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши жуда юқори — инвестиция, иш ва қўшма лойиҳаларга талаб бор”, — деди у.