ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Шавкат Мирзиёев 15 апрель — Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларини табриклади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент сўнгги йилларда маданият ва санъат тизимини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади.
Қайд этилишича, кейинги йилларда 2 та театр, 19 та маданият маркази, 16 та музей, 20 та мусиқа ва санъат мактаби, 5 та олийгоҳ ташкил этилди, 125 та тарихий-маданий мерос объектида асраш ва тиклаш ишлари бажарилди.
Ўтган йили давлат буюртмаси асосида 123 та кинофильм тайёрланди, 35 нафар ходим уй-жой билан таъминланди, иш ҳақи ўртача 35 фоизга оширилди.
Мирзиёев 2030 йилгача креатив иқтисодиётнинг ЯИМдаги улушини 5 фоизга етказиш мақсади белгиланганини билдирди.