ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодга муносиб етказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Бу бўйича тегишли президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Тошкент шаҳридаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига Фаррух Зокиров номи берилади.
Мактабда “Ялла” болалар ансамбли, Ёшлар ижодий лабораторияси ҳамда “устоз-шогирд” анъаналари асосида эстрада йўналишида маҳорат мактаблари ташкил этилади. Устоз-ижодкорлар ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида рағбатлантирилади.
2026/2027 ўқув йилидан Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 3 нафардан иқтидорли ўқувчи танлаб олиниб, таътил пайтида ёзги тўгарак ва эстрада хонандалиги бўйича бепул курсларга жалб этилади. Шунингдек, замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси ташкил этилади.
2026–2027 йилларда халқаро нуфузли танловларда ғолиб ва совриндор бўлган ўқувчилар ҳамда уларни тайёрлаган ўқитувчилар бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади. “Гран-при” ва 1-ўрин учун ўқувчига 30 млн, ўқитувчига 20 млн сўм; 2-ўрин учун 20 млн ва 10 млн сўм; 3-ўрин учун 10 млн ва 5 млн сўм берилади.
Шунингдек, иқтидорли ўқувчиларнинг байрам ва йирик анжуманларда иштирок этиши қўллаб-қувватланади. Аъло баҳоларга ўқиётган 10 нафар ўқувчи эса ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактабларига қўшимча квота асосида имтиҳонсиз қабул қилинади.