Беларусьда 4 минг гектар ер ижараси ва 60 минг тонна экспорт бўйича келишувлар имзоланди

Қашқадарё вилояти делегациясининг Беларусьга ташрифи аграр лойиҳалар, маҳсулот экспорти, туризм ва маданий алоқаларни қамраб олган бир неча йирик келишувлар билан якунланди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Қашқадарё вилояти делегациясининг Беларусьга ташрифи доирасида қатор иқтисодий ва гуманитар келишувларга эришилди, деб хабар қилди “Дунё” ахборот агентлиги.
Сафар давомида ўзбекистонлик вакиллар Витебск вилоятидаги чорвачилик комплекслари ва савдо объектлари фаолияти билан танишди, шунингдек, маҳаллий раҳбарият билан ишлаб чиқариш занжирларини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Келишувларга кўра, “Asl Yuksalish Savdo” ва “Muborak qorako‘lchilik” корхоналари 4 минг гектар экин майдонини узоқ муддатли ижарага олади. Ушбу ер негизида йирик аграр лойиҳа амалга оширилиб, унинг биринчи босқичида 1 минг бош қорамол етиштириш режалаштирилган.
Шунингдек, “Asl Yuksalish Savdo” Беларусьнинг йирик савдо тармоқларидан бири билан шартнома имзолаб, ҳар йили 60 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан қуруқ мевалар, дуккакли экинлар, полиз маҳсулотлари ва узум етказиб беришга келишди.
Томонлар туристик бизнес вакиллари учун танишув сафарларини йўлга қўйиш, шунингдек, Қашқадарё вилояти театри жамоасининг Минскдаги гастролларини ташкил этишга ҳам келишиб олди.
Унумдор ер ва имтиёзлар: Беларусь ўзбекистонлик тадбиркорларга нималар таклиф қилди