“Тошкент тўй оши” географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди: бу нимани англатади?

Энди “Тошкент тўй оши” нафақат миллий таом, балки муайян ҳудуд ва анъана билан боғлиқлиги тан олинган ҳуқуқий ҳимоядаги маҳсулот мақомига ҳам эга.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига хос бўлган “Тошкент тўй оши” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Қайд этилишича, мазкур мақом ушбу таом номи ва унинг анъанавий тайёрлаш усулини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади. Шунингдек, у маҳсулот сифати давлат меъёрларига мувофиқ бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Тарихий ва этнографик манбаларга кўра, Тошкент воҳасида палов тайёрлаш анъанаси асрлар давомида шаклланган. “Тошкент тўй оши” одатда тонг саҳарда қалин деворли чўян қозонларда тайёрланади ва ўзбек пазандачилигининг ўзига хос намуналаридан бири ҳисобланади.
Мутасаддилар фикрича, бу мақом миллий таомни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, гастрономик туризмни ривожлантириш ва миллий брендни тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.

Маълумот учун: Географик кўрсаткич — маҳсулотнинг муайян ҳудудга мансублигини ва унинг ўзига хос хусусиятлари айнан шу ҳудуд билан боғлиқлигини тасдиқловчи интеллектуал мулк объектидир

Палов индекси: Тошкентда ош тайёрлаш Қорақалпоғистондан 20 фоизга қиммат