ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги миграция масаласини биргаликда ҳал этиш катта Евроосиё ҳамкорлигини шакллантиришнинг асосий шартларидан биридир.
Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МДХМИ) Халқаро муносабатлар ва Россия ташқи сиёсати кафедраси доценти, Халқаро тадқиқотлар институтининг “Постсовет давлатларининг янги ўрни” дастури раҳбари Сергей Маркедонов Sputnik Ўзбекистон матбуот марказида ўтган видеокўприкда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, миграция масаласи ўта муҳим бўлиб, унинг муваффақиятли ҳал этилиши Евроосиё интеграциясини илгари суришда асосий омиллардан бири ҳисобланади.
о“Россия бу масалани Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, халқлари ва жамоатчилиги билан биргаликда ҳал этиши керак. Бу ҳақиқатан ҳам катта Евросиё ҳамкорлиги вужудга келишининг асосий шартларидан биридир”, — деди Маркедонов.
Видеокўприкда қатнашган Россия давлат гуманитар университети доценти Александр Гушин эса Ўзбекистон Россия жамиятида нафақат туризм, балки маданият нуқтаи назаридан ҳам катта қизиқиш уйғотаётганини қайд этди.
Унинг айтишича, икки томонлама ҳамкорликда маданий-маърифий алмашинувни кенгайтириш, айниқса, бу жараёнга ёшларни фаол жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.
“Ёшларнинг ўзаро ҳамкорлиги жуда муҳим ва бу келажакдаги муваффақиятли ҳамкорлигимизнинг кафолатларидан биридир. Талабалар орасида Марказий Осиё минтақаси ва, албатта, Ўзбекистонга қизиқиш катта. Бу нафақат туризм, балки мамлакат маданияти билан танишишда ҳам яққол кўринади”, — деди Гушин.
Эксперт фикрича, ёшлар ўртасидаги ҳамкорликни олий таълим, университетлараро алоқалар ва ижтимоий-амалий лойиҳалар орқали кучайтириш келажакдаги ҳамкорликнинг энг муҳим омилларидан бири бўлади.
Батафсил — Sputnik Ўзбекистон видеосида.