ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Ягона миллий баҳолаш стандартига қўшимчалар киритилиб, “Маданий бойликлар қийматини баҳолаш” миллий баҳолаш стандарти қабул қилинди. Тегишли идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди.
Янги стандарт маданий бойликлар, жумладан тасвирий ва амалий санъат асарларининг қийматини расмий аниқлаш тартибини белгилайди. Бу уларни сотиш ва сотиб олиш, гаровга қўйиш, суғурта қилиш ҳамда бошқа фуқаролик муносабатларида қўллаш учун ҳуқуқий асос яратади.
Ҳужжатга кўра, миллий, тарихий, бадиий, илмий-маърифий ва бошқа маданий аҳамиятга эга бўлган кўчар бойликлар баҳоланади. Бунда баҳолаш қиёсий, даромад ва харажат ёндашувлари асосида амалга оширилади.
Энг муҳим шартлардан бири — баҳоланаётган объект ҳақиқатан ҳам маданий бойлик эканини тасдиқловчи санъатшунос эксперт хулосасининг мавжуд бўлишидир. Яъни эндиликда санъат асари ёки бошқа маданий бойликка расмий қиймат бериш учун фақат бозор баҳоси эмас, унинг маданий мақоми ҳам эксперт хулосаси билан тасдиқланиши керак бўлади.