Тошкентда светофор устунлари нега тўлиқ янгиланмоқда — расмий изоҳ

Янги инфратузилма чорраҳаларни шунчаки сигнал бериш нуқтасидан транспорт оқимини таҳлил қиладиган ва ҳаракатни автоматик бошқарадиган тизимга айлантириши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Тошкентда светофорлар билан бирга устунлар ҳам алмаштирилаётгани аҳолида савол уйғотмоқда: ташқи кўриниши яхши бўлган таянчларни нега сақлаб қолиш мумкин эмас? Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълум қилишича, бу оддий алмаштириш эмас, балки интеллектуал транспорт тизимини жорий этишнинг бир қисми.
Қайд этилишича, янги тизим ҳар бир чорраҳада транспорт оқимини таҳлил қилиб, светофор ишини вазиятга қараб бошқаради. Агар бир йўналишда ҳаракат кам бўлса, яшил чироқ вақти ортиқча ушлаб турилмайди, тирбанд томонга эса тезроқ йўл берилади.
Шунингдек, тизим жамоат транспортига устуворлик бериши, пиёдалар учун товушли сигнал ва замонавий чақирув тугмалари орқали хавфсизликни ошириши мумкин.
Марказга кўра, эски устунларни сақлаб қолиш техник жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас. Чунки янги стандартлар бўйича қувват ва бошқарув кабеллари, жумладан оптик толали алоқа ерости орқали ўтказилади.
Бундан ташқари, замонавий светофор мажмуаси датчик ва камералар билан жиҳозланади, бундай ускуналарнинг аниқ ишлаши учун эса мустаҳкам, тебранишни камайтирувчи таянчлар талаб этилади. Янги рухланган устунлар зангга чидамли бўлиб, доимий бўяшни ҳам талаб қилмайди.
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — ҳаракатни қўлда тартибга солишдан автоматлаштирилган рақамли бошқарувга ўтиш.
Бу светофорларни ўзаро мувофиқлаштириш, “яшил тўлқин”ни жорий этиш, тирбандликка тезроқ жавоб бериш ва шаҳарда янада қулай инклюзив муҳит яратиш имконини беради.
Саида Мирзиёева пойтахтда транспорт тизимини модернизация қилиш бошланганини маълум қилди