ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Россия Қуролли кучлари Олий Бош қўмондони Владимир Путиннинг буйруғига мувофиқ, махсус ҳарбий операция ҳудудидаги барча қўшин гуруҳлари 11 апрель куни соат 16:00 дан бошлаб ўт очишни тўхтатиш режимига қатъий риоя қилган ва аввал эгаллаб турган марра ҳамда позицияларида қолган.
Аввалроқ Владимир Зеленский Украина Пасха байрами муносабати билан эълон қилинган сулҳга амал қилишини маълум қилган эди.
Вазирлик баёнотига кўра, Пасха сулҳи эълон қилинганига қарамай, Украина Қуролли кучлари Россия позицияларига қатор ҳужумларни амалга оширган, уларнинг барчаси қайтарилган.
Жумладан, Россия МО қуйидаги ҳолатларни келтирган:
Покровское туманидан Днепропетровск вилоятининг Гай аҳоли пункти томон икки марта ва Отрадное йўналишида бир марта тунги ҳужум уюштирилган;
Суми вилоятининг Кондратовка ва Янги Сеча, шунингдек, Донецк Халқ Республикасининг Калёника аҳоли пункти ҳудудларида Россия позицияларига бостириб киришга тўрт марта уриниш бўлган;
Курск ва Белгород вилоятлари ҳудудида самолёт типидаги икки учувчисиз учиш аппарати қўлланган;
Россия чегара ҳудудлари ва қўшинлар позицияларига 258 марта кўп ўқ отиш тизимлари, артиллерия, танк ва миномётлардан зарба берилган;
1329 марта FPV-дронлар билан ҳужум қилинган;
375 марта турли ўқ-дорилар ташланган, шундан 67 марта октокоптерлар ва 15 марта самолёт типидаги дронлар ишлатилган.
Россия Мудофаа вазирлиги таъкидлашича, дронлар қўлланган ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли вакиллари, жумладан, бир нафар бола жароҳат олган.
Вазирликка кўра, 11 апрель соат 16:00 дан 12 апрель соат 08:00 гача бўлган вақт оралиғида жами 1971 та сулҳ режими бузилиши қайд этилган.