ТОШКEНТ, 9 апр – Sputnik. “Калашников” концерни махсус ҳарбий операция ҳудудида дронларга қарши курашиш учун мўлжалланган янги 5,45 мм кўп ўқли автомат патронларини ишлаб чиқди ва уларни муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда концерн матбуот хизмати хабар қилди.
Концерн маълумотига кўра, синовлар ушбу патронларнинг тез ҳаракатланувчи ва манёвр қиладиган нишон — FPV-дронларга қарши қўллаш самарадорлигини баҳолаш мақсадида ўтказилган.
Қайд этилишича, ушбу кўп элементли патрон дронга текканда унинг двигатели, аккумулятор батареяси, электрон платалари ва куч элементларини шикастлаган. Бу эса аппаратнинг фавқулодда қулашига олиб келган.
Матбуот хизматининг билдиришича, буюртмачи янги 5,45 мм патронларнинг тактик-техник хусусиятлари ва аниқлигини юқори баҳолаган.
Патронлар АК-12 учун мўлжалланган бўлиб, кўп элементли снаряд ҳисобига, айниқса FPV-дронлар каби кичик ва тез нишонларни уриш эҳтимолини оширади. Таъкидланишича, патрон конструкцияси ўқ отиш барқарорлиги ва қуролнинг ишончли ишлашини таъминлайди.
Расмий ахборотга кўра, ушбу 5,45 мм патронлар концерннинг ташаббускор-экспериментал ишланмаси ҳисобланади. Улар стандарт 5,45×39 мм ўқ-дорилар ўлчамига мос бўлиб, АК-12нинг оддий магазинларида ишлатилиши мумкин.