Сулҳ сақланадими: Эрон–АҚШ музокаралари арафасида хавотирлар кучайди

Айни пайтда АҚШ ҳарбий кучларини олиб кетмаслигини айтмоқда, Нетаньяху сулҳни бузишга уринаётгани айтилмоқда, Эрон сулҳни бузиш ҳолатлари аллақачон бошланганини иддао қилмоқда.
Sputnik
ТОШКEНТ, 9 апр – Sputnik. Эрон делегацияси АҚШ билан музокаралар ўтказиш учун пайшанба куни Покистонга келади. Бу ҳақда Эроннинг Покистондаги элчиси Ризо Амири Муқадам маълум қилди.
Элчининг таъкидлашича, Исроил томонидан ўт очишни тўхтатиш режими бир неча бор бузилгани сабабли Эрон жамоатчилигида шубҳалар кучайганига қарамай, Эрон делегацияси бугун Исломободга Эрон томони таклиф қилган 10 та банд юзасидан музокара ўтказиш учун келади.

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс чоршанба куни Эрон билан музокараларга оптимистик қарашини айтди. У журналистларга “жуда кўп нарса хавф остида” эканини, агар Теҳрон Вашингтон кутган қадамни ташламаса, “ҳаммаси ёмон бўлиши” мумкинлигини билдирди.

Шу билан бирга, у эронликлар оқилона йўл тутишига умид қилишини айтди. Венс сўзларига кўра, АҚШ музокараларда Эрондан ядро қуроли яратиш мақсадида уранни бойитмасликни талаб қилади.
Бу орада АҚШ президенти Дональд Трамп "Truth Social" тармоғида эришилган ҳақиқий келишув тўлиқ бажарилмагунча Америка кемалари, самолётлари ва ҳарбийлари Эрон ҳудуди ва унинг атрофида қолишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, агар бу амалга ошмаса, “ҳар қачонгидан ҳам кенг кўламли, такомиллаштирилган ва кучли отишма” бошланиши мумкин.
Вэнс эса, агар кемалар Ҳўрмуз бўғозидан эркин ўтмаса, АҚШ Эрон билан сулҳ шартларига риоя қилмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, АҚШ томонининг таклифи — ўт очишни тўхтатиш ва музокаралар, Эрон томонидан кутилaётган қадам эса Ҳўрмуз бўғозини очишдир.

"Politico" нашри европалик амалдорга таяниб хабар беришича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати объектларига ҳужумлар орқали Эрон билан эришилган сулҳни бузишга уринаётган бўлиши мумкин.

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бақир Қолибоф эса музокаралар бошланишидан олдин АҚШ Эроннинг 10 банддан иборат таклифидаги учта асосий шартни бузганини билдирди. Унинг айтишича, булар — Ливанда ўт очишни тўхтатиш режимига риоя этилмагани, Лар шаҳри ҳудудида Эрон ҳаво маконига дрон киргани ва Эроннинг уранни бойитиш ҳуқуқи рад этилганидир.
РИА Новости Пентагоннинг янги бюджет ҳужжатларига таяниб хабар беришича, АҚШ "Tomahawk" ракеталарини сотиб олиш ҳажмини 14 баравардан кўпроққа оширишни режалаштирмоқда.

2027 молиявий йил учун 785 та "Tomahawk" харидига 3 миллиард доллар сўралган, ҳолбуки жорий молия йилида сентябргача атиги 55 дона харид қилиниши кутилмоқда. Аввалроқ АҚШ Эрондаги операциянинг биринчи ойида 850 тадан ортиқ "Tomahawk" ишлатгани айтилган эди.

Янги харидлардан ташқари, мавжуд ракеталарни модернизация қилиш учун ҳам 1,5 миллиард доллар сўралган, бу 2026-молиявий йил кўрсаткичидан 217 фоизга кўп. "Tomahawk" захиралари бўйича умумий мақсадли кўрсаткич 3992 бирлик этиб белгиланган.
АҚШ Қуруқликдаги қўшинлари ҳам бу мақсадлар учун 2,7 миллиард доллар сўраган. РИА Новости ҳисоб-китобларига кўра, бу жорий йилда ажратилган маблағдан 33 баравар кўп.
Трамп икки ҳафталик сулҳга рози бўлди — Эрон буни АҚШ устидан ғалаба деб атади