ТОШКEНТ, 9 апр – Sputnik. Тошкентда Амир Темур ва Темурийлар цивилизациясининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ролига бағишланган халқаро конференция бошланди. Конференцияда 15 та мамлакатдан 250 нафардан ортиқ илмий бирлашмалар вакиллари иштирок этмоқда, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Президент Шавкат Мирзиёев конференция иштирокчиларига табрик йўллаб, Амир Темур меросини чуқур ўрганиш, унинг жаҳон тарихи ва тамаддунидаги ўрнини кенг тарғиб этиш, шунингдек, бу бой меросни ёш авлодга илмий ва маърифий асосда етказиш муҳимлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, юбилей тадбирлари доирасида халқаро конференциялар, учрашувлар ва маърифий лойиҳаларни ўтказиш, “Темур тузуклари”ни қатор хорижий тилларда нашр этиш ҳамда темурийлар даври манбаларига оид электрон платформани ишга тушириш кўзда тутилган.