Президент спорт соҳасида янги ташаббусларни илгари сурди: тафсилотлар

Президент таклифларига кўра, маҳаллаларда спорт натижаси саломатлик билан баҳоланади, ташкилотларда спорт куни жорий этилади, талабалар эса тўгаракларда мураббийлик қилади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев спорт соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Улар оммавий спортни кенгайтириш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ва спорт тизимига янги рағбатлар жорий этишни қамраб олади.
Нималар ўзгаради:
маҳаллаларда оммавий спорт натижаси энди фақат қамров билан эмас, аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари билан ҳам баҳоланади;
ҳар бир вилоятда биттадан туманда “саломатлик баланси” жорий этилади;
спорт билан фаол шуғулланувчилар орасидан “соғлом ҳаёт волонтёрлари” корпуси шакллантирилади;
энг намунали 10 та маҳаллага бепул спорт формаси ва анжомлари берилади;
1 майгача барча мактаб ва техникумларда кросс-фит тўгараклари ташкил қилинади;
келгуси йилдан кросс-фит “Беш ташаббус” тизимига киритилади;
спорт қамрови ва саломатлик кўрсаткичлари яхшиланган маҳаллада волонтёр ва маҳалла раиси 15 миллион сўмгача мукофотланади;
бундай маҳалладаги масъул тренерга 200 фоизгача ойлик устама тўланади;
вазирлик, идора, банк ва ҳокимликларда ҳафтада бир кун спорт куни ўтказилади;
йилiga камида 2 марта 4 та спорт тури бўйича мусобақалар ташкил қилинади;
жорий йилдан вазирликлар, тармоқлар, банклар ва ҳокимликлар ўртасида республика биринчиликлари ўтказилади;
тадбиркорлар спорт зали ва майдончаси учун қилган харажатларини фойда солиғи базасидан чегиради;
жалб қилинган тренерлар учун даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлади;
“маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация” занжири асосида янги тизим жорий қилинади;
9 мингта маҳалла 26 та федерация раҳбарларига бириктирилади;
спорт олийгоҳлари талабалари дуал таълим асосида мактаб тўгаракларида мураббийлик қилади;
спорт тўгаракларидаги тушумнинг 50 фоизи мураббий талабага берилади;
битирувчиларга диплом билан бирга ҳакамлик сертификати ҳам топширилади.
мутасаддиларга сунъий интеллект ёрдамида спортчи ва мураббийлар натижасини таҳлил қиладиган, машғулот режасини тузадиган платформа яратиш топширилди;
спортдаги илмий ишлар фақат долзарб муаммолар ечимига қаратилган бўлиши шартлиги таъкидланди;
олимнинг илмий иши амалий натижа берса, унга 100 миллион сўмдан мукофот берилади;
жорий йилдан Президент олимпиадаси доирасидаги спорт турлари сони 2 баробар оширилиб, 21 тага етказилади;
Президент олимпиадаси энди параспорт йўналишида ҳам ўтказилади;
ҳар бир туман ва вилоят ҳокими ўз ҳудудида Ҳоким олимпиадасини ташкил қилади;
Ҳоким олимпиадаси ғолиблари Президент олимпиадасига йўлланма олади;
Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлими директорлари бир вақтнинг ўзида вилоят ҳокимларига спорт бўйича маслаҳатчи бўлади;
пойтахтдаги 7 та олий спорт маҳорати мактаби тугатилиб, улар ўрнида Олимпия шаҳарчасида “Олимпия терма жамоалари маркази” ташкил этилади;
ҳудудлардаги 56 та ихтисослашган спорт мактаби ҳам ушбу марказ бошқарувига ўтказилади.
адаптив спорт турлари бўйича кадр тайёрлаш ва малака ошириш тизими қайта кўриб чиқилади;
Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкент филиали инклюзив спорт бўйича таянч олийгоҳга айланади;
энди ўқув-йиғинлар, республика ва халқаро мусобақаларда параспортчига ҳамроҳлик қилган шахсларнинг транспорт ва яшаш харажатлари қоплаб берилади;
уларга ҳар ой спорт мактаблари тренерлари ойлигига тенг миқдорда маош тўланади.
Президент ҳокимлар ва ректорларга спорт бўйича янги вазифалар юклади