ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Олий Мажлис Сенатининг 14-ялпи мажлисида “Давлат органи ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Ҳужжат давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарор ва ҳаракатлари оқибатида фуқаро ёки ташкилотга етказилган зарарни қоплаш тартибини белгилайди.
Таъкидланишича, ҳозиргача бундай зарарни қоплаш масаласи ягона қонун билан эмас, 10 тадан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинган. Бироқ бюджет маблағлари ҳисобидан товон пулини тўлашнинг аниқ механизми мавжуд эмас эди.
Янги қонунда мулкий зарарларни қоплаш учун ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш тартиби ва уларнинг манбалари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Қонуннинг асосий мақсади — давлат ҳокимияти ваколатларига эга орган ёки унинг мансабдор шахси қонунга хилоф фаолияти туфайли етказган зарарни қоплаш, шунингдек, кейинчалик бу маблағни айбдор шахсдан ундириш тартибини белгилаш.
Агар зарар аввало давлат ҳисобидан қоплаб берилса, кейинчалик айбдор шахсга нисбатан регресс тартиби қўлланилиши мумкин. Яъни давлат жабрланувчига товон тўлаб беради, сўнг бу пулни зарар етказилишига айбдор бўлган мансабдор шахсдан қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шундай ҳолатларда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари айбдор шахс ишлаётган ёки олдин ишлаган давлат органига талабнома киритади.