Осиё чемпионатида яна 4 нафар ўзбекистонлик боксчи финалга чиқди

Осиё чемпионатида ярим финалга чиққан 6 нафар ўзбекистонлик боксчидан 4 нафари финалга йўл олди, яна икки нафари бронза медалини қўлга киритди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида ўтаётган бокс бўйича Осиё чемпионатида ярим финал баҳсларида рингга кўтарилган 6 нафар ўзбекистонлик спортчининг 4 нафари ғалаба қозониб, финал йўлланмасини қўлга киритди.
Ярим финалда -75 кг вазнда Жавоҳир Абдураҳимов ҳиндистонлик Акашни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. -85 кг да Жасурбек Йўлдошев Ҳиндистон вакили Локешдан 5:0 ҳисобида устун келди. -80 кг да Фазлиддин Эркинбоевнинг рақиби — Корея Республикаси вакили Минсеонг Ким — рингга чиқмади. -90 кг да эса Ҳалимжон Мамасолиев қозоғистонлик Сагиндик Тогамбайни 4:1 ҳисобида енгди.
Шу билан бирга, икки нафар ўзбекистонлик боксчи мусобақани бронза медали билан якунлади. -57 кг вазнда Нигина Ўктамова ҳиндистонлик Жасминга 2:3 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, -60 кгда Абдураҳмон Маҳмуджонов қозоғистонлик Оразбек Ассилкуловга 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.
Регламентга кўра, 8 апрель куни дам олиш куни ҳисобланади. 9–10 апрель кунлари бўлиб ўтадиган финал жангларида жами 7 нафар ўзбекистонлик боксчи рингга кўтарилади.
Улар сафида аввалроқ финалга чиққан Абдуллоҳ Мадаминов, шунингдек, -75 кг вазнда Азиза Зокирова ва -80 кгда Рухшона Парпиева ҳам бор.
Осиё чемпионатининг илк куни Ўзбекистон ва Қозоғистон боксчилари рингга чиқади