ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Арманистон парламенти раиси Ален Симоняннинг Россия гази нархи оширилса, мамлакат ЕОИИ ҳамда бошқа тузилмалардан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотини Константин Косачёв резонансли деб атади. Россия Федерация кенгаши раиси ўринбосари, Россия халқаро ишлар кенгаши аъзоси бўлган сенатор масаланинг бундай қўйилишининг ўзи нотўғри эканини билдирди.
Косачёвнинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин 1 апрель куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан музокаралар чоғида мавжуд вазиятга аниқ баҳо берган. Унинг сўзларига кўра, Европада газ нархи 1000 куб метр учун 600 доллардан ошиб кетган бир пайтда, Россия Арманистонга газни 177,5 доллардан етказиб бермоқда.
Сенаторнинг фикрича, айнан шу шароит Арманистонга иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини ривожлантириш, шунингдек, қатор тармоқларда рақобат устунликларини сақлаб қолиш имконини бермоқда.
У бу ҳолат Европа ва дунёда кузатилаётган оғир энергетика инқирози фонида шаклланганини таъкидлаган.
Косачёвнинг қайд этишича, Россия газининг амалдаги нархи Арманистон иқтисодиётининг кўплаб тармоқлари учун кучли рағбат, мамлакатдаги ижтимоий ва сиёсий барқарорлик учун эса муҳим омил ҳисобланади. Шу муносабат билан у арман сиёсатчилари гипотетик нарх ўзгаришлари ҳақида баҳс юритиш ўрнига, Москва томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш кўламини инобатга олишлари кераклигини билдирган.