Андижон вилояти ҳокими ўринбосари 50 минг доллар пора билан ушланди

ДХХ хабарига кўра, Андижон вилояти ҳокими ўринбосари фуқарога 20 сотих ерни расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг доллар олган вақтида ушланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Андижон вилояти ҳокими ўринбосари пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) матбуот хизмати хабар берди.
Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Бобур шаҳри ҳудудидаги давлат захирасида бўлган 20 сотих ер майдонини ваколатли мансабдор танишлари орқали аукционга қўйдириб, сўнгра фуқарога ютиб бериб, унинг номига расмийлаштириб бериш ҳамда келгусида бу жойда қурилиш ишлари амалга ошириши учун рухсатнома олиб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари сўралган пул маблағини ўзининг яшаш хонадонида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бундан ташқари, Наманган туманида ва Фарғона вилоятида пора олиш билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган.
Хусусан, Наманган вилоятида туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош архитектори "автомойка" учун лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириб бериш ва тақиқни бекор қилдириш эвазига 1,5 минг доллар талаб қилган. У аввал 500 доллар олган, қолган 1000 долларни хизмат хонасида олаётганда ушланган.
Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги Қамбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари эса маҳаллий фуқарони танишлари орқали олий таълим муассасасининг сиртқи йўналишига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 2 минг доллар олган вақтида ушланган.
Ҳозирда учала ҳолат юзасидан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шароф Рашидов тумани собиқ ҳокими Маҳмуд Холбўтаев 11 йилга қамалди