ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Кипрнинг Пафос шаҳрида ўтаётган ФИДЕ Номзодлар турнири 7-турида ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров нидерландиялик Аниш Гири билан 0,5:0,5 ҳисобида дуранг ўйнади.
Ушбу натижадан кейин Синдаров 6 очко билан мусобақа жадвалида яккапешқадам бўлиб қолмоқда. У яқин таъқибчиси Фабиано Каруанадан 1,5 очко олдинда бормоқда.
8-турда Синдаров қора доналарда россиялик Андрей Есипенкога қарши баҳс олиб боради. Учрашувлар 7 апрель куни Тошкент вақти билан соат 17:30 да бошланади. 6 апрель эса мусобақада дам олиш куни этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги ФИДЕ Номзодлар турнирининг энг кам умумий мукофот жамғармаси 1 миллион еврони ташкил этади. Шундан 700 минг евро эркаклар турнирига, 300 минг евро аёллар турнирига ажратилган.