Меҳнат бозорига мос: олий таълимга оид янги низом тасдиқланди

Ҳужжат олий таълимни ташкил этиш, бошқарув, молия, талабалар ҳуқуқлари ва ОТМ мустақиллигига доир қоидаларни бир жойга жамлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Ўзбекистонда олий таълимга оид янги низом тасдиқланди. Ҳужжат ОТМлар фаолияти, талабалар ҳуқуқлари ва таълим жараёнини ягона тартибда белгилайди.
Ҳужжат олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига татбиқ этилмайди. У хорижий ОТМ филиалларига қўлланади, нодавлат олий таълим муассасалари учун эса тавсиявий хусусиятга эга.
Низомга кўра, олий таълим бакалавриат ва магистратура босқичлари орқали амалга оширилади. Бакалавриатда ўқиш камида 3 йил, магистратурада эса камида 1 йил давом этади.
Сиртқи таълим шаклида ўқиш муддати кундузги таълимга нисбатан камида бир ўқув йилига, кечки таълимда эса камида ярим ўқув йилига узоқ бўлиши керак. Олий таълим кундузги, масофавий, дуал, инклюзив ва бошқа шаклларда ташкил этилади.
Ҳужжатда битирувчиларнинг меҳнат бозори талабларига мос бўлишини таъминлаш учун ўқув дастурлари ва малака талаблари иш берувчилар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилиши белгиланган. Таълим жараёни миллий кредит-модуль тизими асосида ташкил этилиб, Европа кредит трансфер тизимига мослаштирилади.
Талабаларга таълим сифатини ошириш бўйича таклиф киритиш, таълим жараёнига оид муҳокамаларда иштирок этиш, халқаро алмашинув ва қўшма таълим дастурларида қатнашиш, раҳбарият қарорлари устидан шикоят қилиш ҳамда меҳнат шартномаси асосида ишлаш ҳуқуқи берилади.
Кундузги таълимда ўқиётган талабаларга стипендия тўланиши ҳам назарда тутилган.
Шу билан бирга, талабаларни таълим олиш билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш тақиқланади. Улар ички тартиб-қоидалар ва одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилиши шарт.
Низомда олий таълим ташкилотларига академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик бериш ҳам назарда тутилган.
Ўнта ОТМга миллий тадқиқот университети мақоми берилади