ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Миллий технологик тадқиқотлар университети "МИСиС" Олмалиқ филиали ва "Цифра" давлат корпорацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳужжат томонларнинг илмий-таълим ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича стратегик шериклигини мустаҳкамлайди. Келишув доирасида филиалда сунъий интеллект бўйича замонавий илмий лаборатория ташкил этиш режалаштирилган.
Лаборатория амалий тадқиқотлар ўтказиш, интеллектуал ечимлар ишлаб чиқиш ва рақамли технологиялар соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш марказига айланиши кутилмоқда.
"Цифра" саноатни рақамлаштиришга ихтисослашган технологик компаниялардан бири бўлиб, сунъий интеллект, катта маълумотлар таҳлили ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш бўйича ечимлар ишлаб чиқади.
Компания маҳсулотлари тоғ-кон, металлургия ва энергетика тармоқларида ишлаб чиқариш самарадорлиги, хавфсизлиги ва барқарорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
МИСИСнинг Олмалиқ филиалининг таъкидлашича, бундай ҳамкорлик илмий тадқиқотларни ривожлантириш, таълимни иқтисодиётнинг реал сектори билан интеграциялаш ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.
Қўшма лойиҳалар саноатга илғор рақамли технологияларни жадал жорий этиш ва минтақанинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаши кутилмоқда.