ТОШКЕНТ, 2 апр — Sputnik. Президент ҳузурида Ўзбекистон президенти Халқ қабулхонаси ташкил этилади.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман ва шаҳар ҳокимлари тегишли Халқ қабулхоналарига жамоатчилик асосида раҳбарлик қилади. Улар бу ерда фуқароларни мунтазам шахсан қабул қилиб, муаммоларни жойида ҳал этиш, мурожаатларни таҳлил қилиш билан шуғулланади.
Шунингдек, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари президент ҳузурида ўтказиладиган тақдимотларда аҳоли мурожаатларида кўтарилган тизимли муаммолар ва уларни ҳал этиш режалари бўйича алоҳида ҳисобот беради.
Яна бир янгилик — давлат органлари, ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимликлар ўтказадиган шахсий ҳамда сайёр қабуллар тўлиқ рақамлаштирилади. Бу орқали қабуллар жараёни устидан назорат кучайтирилади.
Жамоавий мурожаатлар аҳоли вакиллари ва “маҳалла еттилиги” иштирокида ўрганилади. Бундай мурожаатлар фақат мурожаатчиларнинг розилиги билан назоратдан олинади.