Бухорода электр авто ишлаб чиқариш, сайёҳларни 9 млн га етказиш: президент вазифалар қўйди

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказиб, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва инфратузилмага оид йирик вазифаларни белгилаб берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вилоятда ҳозир 2 та йирик нефть-газ кимё корхонаси ишламоқда, яна биттаси қурилмоқда. Шунингдек, умумий қуввати 4,5 гигаватт бўлган 10 та йирик қуёш ва шамол электр станцияси барпо этилмоқда.
2025 йилда Бухоро ялпи ҳудудий маҳсулоти 7,2 фоизга ўсиб, 86,6 триллион сўмга етган. 2026 йилда уни 102,1 триллион сўмга етказиш, 9,1 фоиз ўсишга эришиш, ишсизлик ва камбағалликни 2 фоизгача қисқартириш, 381,5 минг аҳолини даромадли қилиш вазифаси қўйилди.
Бу йил 3,3 миллиард доллар хорижий инвестиция ўзлаштириш, 1,5 миллиард долларлик экспортни таъминлаш ва умумий қиймати 9,2 миллиард доллар бўлган лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Саноатда 61 та йирик лойиҳа шакллантирилган. Улар орасида Когонда йилига 80 мингта электр ва гибрид автомобиль ишлаб чиқариш, Бухоро туманида 220 миллион долларлик пиролиз лойиҳаси, Қоровулбозорда 100 минг тонна минерал ўғит ишлаб чиқариш ва гипсокартон ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалари бор.
Қишлоқ хўжалигида 100 минг гектар ерни ўзлаштириш, 3 миллион гектар яйловдан самарали фойдаланиш, 59,2 минг гектарга озуқабоп экин экиш, пахта ҳосилдорлигини 52, ғаллани 100 центнерга етказиш, 96,8 минг гектарда сув таъминоти ва мелиоратив ҳолатни яхшилаш вазифалари белгиланди. Чорвачиликда ҳар бир туманда мини-фермалар ташкил этиш доирасида 110 та лойиҳа амалга оширилади.
Хизматлар ва бандлик йўналишида 49 та лойиҳа, 33 та савдо ва сервис кўчаси, 4 та туризм маҳалласи ва 10 та йўл бўйи лойиҳаси ташкил этилади. 2026 йилда туристлар сонини 9 миллионга етказиш, 73 та янги жойлаштириш воситаси ва 15 та туроператор ҳамда турагентни ишга тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, 10 мингдан ортиқ хонадонли уй-жой комплекси қуриш, 7 та айланма йўл барпо этиш, йирик автомагистралларни реконструкция қилиш ва А-380 йўли бўйида 30,8 гектар ер майдонини аукционга чиқариб, 403 та сервис лойиҳасини жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Йўл, электр, сув ва суғориш тармоқларини яхшилашга 593 миллиард сўм, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасига эса 4,48 триллион сўм йўналтирилади.
Президентга туризм лойиҳалари ва Бухоро шаҳрининг бош режаси тақдим этилди