Поезд кечикса, компенсация олиш мумкин: янги қоида ишлаб чиқилмоқда

Маҳаллий йўналишда поезд ташувчи айби билан 2 соатдан ортиқ кечикса, йўловчига чипта пули тўлиқ, 1 соатдан 2 соатгача кечикса ярми қайтарилиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 апр — Sputnik. Ташувчининг айби билан маҳаллий йўналишдаги поездлар кечиккан ҳолларда йўловчиларга пуллик компенсация тўлаш тартиби жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Қўмитанинг маълум қилишича, ҳозиргача бундай ҳолатларда йўловчиларга компенсация тўлаш тартиби норматив ҳужжатларда белгиланмаган. Шу боис қўмита Транспорт вазирлигига қоидаларга тегишли ўзгартириш киритиш бўйича сўров юборган.
Вазирликка кўра, ҳозир “Ўзбекистон темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидалари”нинг янги таҳрири ишлаб чиқилмоқда. Унда маҳаллий йўналишларда поезд кечиккан тақдирда йўловчиларга қуйидагича компенсация тўлаш назарда тутилган:
— 15–30 дақиқа кечикса — йўлкиранинг 15 фоизи;
— 31–60 дақиқа кечикса — 25 фоизи;
— 61–120 дақиқа кечикса — 50 фоизи;
— 121 дақиқадан ортиқ кечикса — 100 фоизи.
Ҳозирча бундай тартиб фақат “Афросиёб” поездлари учун амал қилади. Янги қоидалар қабул қилинса, у бошқа маҳаллий поездларга ҳам татбиқ этилади.
Рақобат қўмитаси: Uzbekistan Airways энди қайтиш чиптасини бекор қилмайди