Тошкентда инглиз ҳуқуқи қўлланиладиган халқаро молия маркази ташкил этилади

Марказ ҳудудида банк, инвестиция, суғурта, криптоактивлар, тўлов хизматлари, исломий ва яшил молия соҳаларида фаолият юритишга рухсат берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Ўзбекистонда ҳудудида махсус ҳуқуқий режим амал қиладиган Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилади. Бу бўйича тегишли президент фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, марказ ҳудудида махсус ҳуқуқий режим конституциявий қонун билан белгиланади. Шунингдек, бу ерда Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқи ҳамда адолат тамойиллари тўғридан-тўғри қўлланилади.
Марказ таркибида Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилади. У биринчи инстанция ва апелляция босқичларидан иборат бўлади.
Марказ ҳудудида молиявий, инвестиция ва банк фаолияти, суғурта, рақамли (крипто) активлар, қимматли қоғозлар, тўлов тизимлари ва хизматлари, исломий ва яшил молия, шунингдек молиявий технологиялар билан боғлиқ хизматлар ҳамда транзакцияларни амалга оширишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, аудиторлик, консалтинг ва юридик хизматлар кўрсатиш ҳам мумкин бўлади.
Марказнинг бошқарув органларига фуқаролик, корпоратив, тижорат, молия, банк, солиқ, давлат харидлари, меҳнат ҳуқуқи ҳамда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳалари бўйича, марказ ҳудудида қўлланиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколати берилади
Мирзиёев Тошкент халқаро молия маркази ва исломий молия бўйича тақдимот билан танишди