ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Корея Республикаси компаниялари билан Ўзбекистонда сув таъминоти тизимларини янгилаш, шунингдек замонавий лифт ва эскалаторлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Келишувлар инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Корея Республикасига ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари билан ўтказилган музокаралар натижасида эришилди.
Мулоқотларда Корея Миллий суғурта хизмати, шунингдек, "SK Bioscience", "TKG Aikang", "Saehan Elevator" ва "Cellpot" каби йирик компаниялар вакиллари иштирок этди.
Учрашувларда Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилишнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, тиббий суғурта тизимини такомиллаштириш, вакциналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва биотехнология кластерини барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам илғор агротехнологияларни жорий этиш ва кўчатчилик марказларини ташкил этиш режалари кўриб чиқилди.