Сибирь дарёларини Марказий Осиёга буриш лойиҳасини тиклаш мумкинми — эксперт жавоби

Россия Фанлар академияси вакили Владислав Полянин Сибирь дарёларини Марказий Осиёга буриш ғояси ҳозирча дастлабки муҳокамалар босқичида эканини билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Сибирь дарёларини Марказий Осиёга оқизиш бўйича совет давридан қолган лойиҳани қайта жонлантириш эҳтимоли ҳозирча фақат муҳокама даражасида қолмоқда.
Бу ҳақда Термиз шаҳрида ўтказилаётган “Валдай” халқаро клубининг йиллик Россия-Ўзбекистон конференцияси доирасида Sputnik Ўзбекистон мухбирининг шу мавзудаги саволига жавоб берган Россия Фанлар академиясининг Сув муаммолари институти директори Владислав Полянин маълум қилди.
Унинг айтишича, тахминан ярим йил аввал Россия Фанлар академиясининг Ер ҳақидаги фанлар бўлимидаги илмий-техник кенгашда 60 йил аввалги лойиҳага қайтиш масаласи муҳокама қилинган.
Поляниннинг таъкидлашича, гап ҳозирча лойиҳани тўлиқ қайта ишга тушириш ҳақида эмас, балки эски ғояни янги технологиялар ёрдамида яна бир бор баҳолаш ҳақида кетмоқда.
Экспертга кўра, совет даврида таклиф этилган очиқ каналлар экологик нуқтаи назардан жиддий эътирозларга сабаб бўлган. Бунга сувнинг катта қисми йўқолиши ва йирик ҳудудларни сув босиши хавфи асосий сабаб бўлган.
Поляниннинг айтишича, ҳозир бу мавзуда йирик диаметрли қувурлар ишлаб чиқарувчи энергетика компаниялари билан боғлиқ айрим ташаббуслар ҳам бор, аммо масала ҳозирча дастлабки муҳокамалар босқичида.
Унинг айтишича, бундай ташаббуслар ортидаги ёндашув шундан иборатки, агар сув очиқ каналлар эмас, балки ёпиқ қувурлар орқали узатилса, аввалги вариантга хос қатор камчиликларни камайтириш мумкин бўлади.
Шу билан бирга, у бундай ташаббусларга шошмасдан, вазмин ёндашиш лозимлигини таъкидлади. Поляниннинг сўзларига кўра, бу ерда ҳали кўплаб муаммолар, жумладан стратегик тусдаги масалалар ҳам сақланиб қолмоқда.

Сибир дарёларини жанубга буриш ғояси СССРда, айниқса 1960 йиллардан 1980 йиллар бошигача фаол ўрганилган. Лойиҳа доирасида Обь, Иртиш ва бошқа шимолий дарёлар оқимининг бир қисмини сув танқислиги сезилаётган Марказий Осиёга йўналтириш, шу орқали суғориш имкониятларини кенгайтириш ҳамда Орол ва Каспий ҳавзаларига қўшимча сув етказиш масалалари кўрилган.

Сибирь дарёларидан Ўзбекистонга сув келадими — Россия Фанлар академияси олими фикри