Трамп Венесуэла сценарийси бўйича Эрон нефтини ҳам тортиб олмоқчи

У, шунингдек, музокаралар “жуда яхши” кетаётганини билдирди. Эрондан 450 килограмм уранни олиб чиқиш варианти ҳам муҳокамада экани маълум бўлди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон раҳбарияти нефть, музокаралар ва эҳтимолий ҳарбий қадамлар юзасидан бир қатор кескин баёнотлар қилди.
Хусусан, Трамп Эрон нефтини тортиб олишни хоҳлашини айтди. У бу ёндашувни АҚШ маълум вақт Венесуэла нефть соҳасини назорат қилмоқчи бўлган вазият билан қиёслади.

“Ростини айтсам, мен энг кўп Эрон нефтини ўз қўлимга олишни хоҳлардим, лекин АҚШдаги баъзи аҳмоқ одамлар: “Нега бундай қиляпсан?” дейишади. Аммо улар аҳмоқ одамлар”, — деди Трамп интервьюда.

Шу билан бирга, у Эроннинг Харг оролини назоратга олиш эҳтимоли ҳақида ҳам тўхталиб, Вашингтонда бундай вариантлар кўплигини айтди.
Айни пайтда Трамп Эрон билан музокаралар “жуда яхши кетаётганини” таъкидлади. Унинг айтишича, Теҳрон Вашингтон таклиф қилган тинчлик режасининг катта қисмига рози бўлган, аммо АҚШ яна бир неча қўшимча талаб қўймоқчи.
Аввалроқ АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Вашингтон Теҳронга можарони тугатишга қаратилган 15 банддан иборат режа тақдим этганини айтган эди.
Трамп, шунингдек, АҚШ Эронга қарши операция давомида 13 минг нишонга зарба берганини, яна 3 мингга яқин нишон қолганини билдирди. Унинг таъкидлашича, Вашингтон Эрон флотини, ҳарбий-ҳаво кучларини ва ракеталарининг катта қисмини йўқ қилган.
Бундан ташқари, у Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали 20 та танкер ўтишига рухсат берганини маълум қилди. Трампнинг айтишича, бу қарор Эрон парламенти раиси Муҳаммадбоқир Қолибоф томонидан маъқулланган.

АҚШ президенти, шунингдек, Эрондаги янги сиёсий гуруҳ аввалгиларига қараганда “оқилонаро” кўринаётганини айтди. У Эрон олий раҳбарининг ўғли Мужтабо Хоманаий ҳақида ҳам гапириб, у “ё ҳалок бўлган, ёки жуда оғир аҳволда” эканини билдирди.

Шу орада "Wall Street Journal" Америка расмийларига таяниб, Трамп Эрон ҳудудидан тахминан 450 килограмм уранни олиб чиқиш бўйича ҳарбий операция ўтказиш имкониятини ҳам кўриб чиқаётганини ёзди. Нашр маълумотига кўра, президент ҳали якуний қарор қабул қилмаган, бироқ бундай қадам Эроннинг ядро қуроли яратишига йўл қўймаслик мақсадига хизмат қилиши мумкин.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми

28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга зарба беришни бошлади. Зарбалар Эроннинг ядровий дастури борасида музокаралар олиб борилаётган вақтда амалга оширилди.

АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида Эрон Олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Ундан ташқари, Миноб шаҳрида қизлар бошланғич мактабига берилган зарба оқибатида 171 нафар бола ва 15 нафар ўқитувчилар ҳалок бўлди.

Эрон Исроил ҳудудига, шунингдек, Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига жавоб зарбалари берди. Бир неча кун давомида БАА, Баҳрайн, Уммон, Ироқ, Саудия Арабистони, Қатар ва бошқа қатор давлатлардаги АҚШ ҳарбий базалари зарбага учради.

Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйди ва кемалар фақат Эрон билан келишилган тартибда ундан ўтиши мумкинлигини эълон қилди. Бунинг ортидан жаҳон бозорларида нефт нархи ошишни бошлади.

Россия президенти Владимир Путин Эрон олий раҳбарига суиқасд барча инсоний ахлоқ нормалари ва халқаро ҳуқуқни бузиш эканини таъкидлади. Россия ва Хитой 1 март куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлисини чақирди.

Трампнинг мақсади Венесуэла ёки наркотик эмас, мақсад нефть — сиёсатчи ва экспертлар фикри