ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Велотрек бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Филиппинда ўтаётган Осиё чемпионатида яна 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
Олтин медални катталар ўртасидаги очколар пойгасида иштирок этган Нафосат Козиева жамоа ҳисобига ёзиб қўйди.
Шунингдек, ёшлар ўртасидаги мэдисон дастурида Екатерина Макарочкина ва Надежда Бартенеева кумуш медалга сазовор бўлди.
Бронза медалларни эса ёшлар ўртасидаги очколар пойгасида Шоислом Шоакмалов ҳамда Гулҳаё Сатторова қўлга киритди.
Бундан аввал, 26 март куни мусобақанинг "Elimination" пойгасида Никита Цветков бронза медалини қўлга киритган эди.
25 март куни эса Ўзбекистон терма жамоаси ёш қизлар ўртасидаги жамоавий таъқиб пойгасида бронза медалга сазовор бўлди. Ушбу натижа орқали ўзбекистонлик велоспортчилар қитъа биринчиликлари тарихида илк бор жамоавий йўналишда шоҳсупага кўтарилди.