ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбатда Яқин Шарқдаги кескин вазият ва қарама-қаршиликлар кучайиб бораётгани жиддий хавотир уйғотаётгани қайд этилди. Томонлар эскалациянинг олдини олиш ва вазиятни барқарорлаштириш муҳимлигини таъкидладилар.
Давлат раҳбари бундай синовли кунларда Ўзбекистон Саудия Арабистони раҳбарияти ва халқи билан бирдам эканини билдириб, Подшоҳликнинг вазмин ва оқилона сиёсатини қўллаб-қувватлашини қайд этди.
Шунингдек, президент ҳозир Саудия Арабистонида Умра амалларини бажараётган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган ёрдам учун Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд шаҳзодага миннатдорлик билдирди.
Муҳаммад бин Салмон Ўзбекистон президентининг самимий қўллаб-қувватловини юксак баҳолади. Томонлар икки ва кўп томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш учун олий даражадаги мулоқотлар ва қўшма саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олдилар.