Ҳокимлик: Амир Темур хиёбонини янгилашда аҳоли таклифлари инобатга олинади

Хиёбондаги ишлар ҳозирча ҳудудни тартибга келтириш билан чекланади, келиб тушган таклифлар хиёбон ва унга туташ кўчаларни келгусида модернизация лойиҳаларини ишлаб чиқишда инобатга олинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 мар – Sputnik. Амир Темур хиёбони ҳудудида айни пайтда олиб борилаётган ишлар фақат косметик тусга эга бўлиб, байрам тадбирларига тайёргарлик доирасида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ ҳокимлик томонидан эълон қилинган реконструкция режаси жамоатчилик, шунингдек, архитектура ва урбанистика соҳаси мутахассислари эътиборини тортган эди.
Ҳокимликка кўра, хиёбонни пиёдалар учун қулайроқ қилиш, ерусти ўтиш йўлакларини барпо этиш, йўлнинг қатнов қисмини қисқартириш ва янги жамоат жойларини яратишга доир таклифлар синчковлик билан ўрганиб чиқилган.
Шу билан бирга, пойтахт ҳокимлиги шаҳарсозликнинг замонавий ёндашувларига мос пиёдалар инфратузилмасини ривожлантириш ғояларига содиқ қолишини таъкидлади. Қайд этилишича, илгари сурилган ташаббуслар Амир Темур хиёбони ва унга туташ кўчаларни келгусида модернизация қилиш лойиҳаларини ишлаб чиқишда инобатга олинади.
Тошкентдаги "Наврўз" деҳқон бозори ва "Бўз бозор" реконструкция қилинади