ТОШКЕНТ, 26 мар – Sputnik. Россия армиясининг “Шимол” қўшинлари гуруҳи бўлинмалари фаол ва қатъий ҳаракатлар натижасида Харьков вилоятидаги Шевяковка аҳоли пункти устидан назорат ўрнатди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, “Шимол” гуруҳи Харьков вилоятининг Весёлое, Рубежное, Верхняя Писаревка ва Великий Бурлук аҳоли пунктлари ҳудудларида Украина Қуролли кучларининг икки механизациялашган, бир мотопиёда бригадаси, ҳудудий мудофаа ва Миллий гвардия бўлинмалари тор-мор этилди.
Шунингдек, Суми вилоятининг Думовка, Храповшина, Мирополье, Иволжанское ва Новодмитровка аҳоли пунктлари ҳудудларида Украина қўшинларининг икки механизациялашган, бир аэромобиль ва икки ҳудудий мудофаа бригадаси бўлинмаларига ҳам талафот етказилди.
Вазирлик хабарига кўра, Украина томони 210 нафардан ортиқ ҳарбий, бир зирҳли жанговар машина, 13 та автомобиль ва тўртта дала артиллерия қуролидан айрилган. Улар орасида АҚШда ишлаб чиқарилган 155 ммли “Паладин” ўзиюрар артиллерия қурилмаси ҳам бор.
Шунингдек, икки радиоэлектрон кураш станцияси, батареяга қарши кураш радиолокация станцияси, саккизта ўқ-дори ва моддий-техника воситалари омбори йўқ қилинган.